ШАРЪИЙ ИЛМНИ ЎРГАНИШ ҲАР БИР МУСУЛМОНГА ФАРЗДИР.

Қуръони каримда илмнинг афзаллиги ҳақида шундай дейилган:
قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ
Маъноси: Айтинг (эй Муҳаммад алайҳиссалом) билганлар билан билмаганлар тенг бўладими? (аз-Зумар 9) Яна бир оятда шундай дейилган:
إِنَّمَا يَخْشَى اللهَ مِن عِبَادِهِ العُلَمَاءُ
Маъноси: Аллоhдан бандаларининг орасида фақат олимлар қўрқадилар. Яъни инсонлар орасида Аллоhдан кўпроқ қўрқадиганлар булар олимлардир.
Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ تَعَلَّمُوا إِنَّمَا العِلْمُ بِالتَّعَلُّم
Маъноси: Эй инсонлар илм ўрганинглар! Шубҳасиз илм фақат устоздан ўрганилади. (Табароний ривояти)
Демак ким шаръий илмни ўрганмоқчи бўлса яъни ақида ва фиқҳ масалаларини мустаҳкам билмоқчи бўлса, албатта, илм олиш услубини ҳам шариатга мувофиқ шаклда бажариши керак. Асло ўзи мустақил китоб мутолаа қилиш билан бошламайди, чунки ҳақ билан ботилни ажратишга етарли шаръий илми бўлмагани боис қўпол хатога йўл қўйиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун Пайғамбаримиз “илм олиш фақат устоз орқали бўлади” дедилар. Устоз илм олувчини масалаларни нотўғри тушуниб олишидан ҳимоя қилади ва қалбаки ёки нотўғри маълумотларни ёритиб беради.
Тақводор ва ишончли илм эгасидан илм ўрганмай ёлғиз ўзи китобларни мутолаа қилаётган киши ҳеч қачон олим бўлмайди ва ҳатто толиби илм ҳам деб ҳисобланмайди.
Расулуллоh илм аҳлининг олдига илм олиш ниятида йўлга чиқган кишини Ўзларининг муборак ҳадисларида махтаганлар:
مَنْ سَلَكَ طَرِيقًا يَلْتَمِسُ فِيهِ عِلْمًا سَهَّلَ اللهُ لَهُ طَرِيقًا إِلَى الْجَنَّةِ
Маъноси: Ким илм олиш мақсадида йўлга тушса, Аллоh унга Жаннат йўлини осон қилиб қўяди. (Имом ат-Термизий ривояти)
Бу ҳадису шарифда барча толиби илм назарда тутилмаган чунки ким шаръий илмни дунёвий манфаати учун ўрганса мисол ризқ топиш манбаси мақсадида ўрганса ва илмга амал қилиб Аллоhнинг розилигини қозониш ниятида бўлмаса, ундай инсонга бу ажр берилмайди.
Соҳиҳул Бухорида “Илм сўз ва амалдан олдиндир” деган боб келган. Имом Бухорий бу сўзларига Муҳаммад сурасининг 19-оятини далил қилиб келтирдилар:
فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا الله وَاسْتَغْفِرْ لِذَنْبِكَ
Маъноси: Билки, Аллоhдан ўзга илоҳ йўқ ва гуноҳларга мағфират сўра. Бу оятда аввало Аллоhнинг ягоналигини билиш буюрилди, сўнг истиғфор амалини бажариш буюрилди.
Имом Бухорийнинг сўзларидан ҳар бир балоғатга етган ва ақли жойида бўлган кишига бир амални қилишидан олдин Аллоh ўша амалда қандай қоидаларни буюрганлигини билиш фарз эканлиги тушунилади. Бу унинг ҳалол билан ҳаромни, тўғри билан ботилни, қабул бўладиган билан бўлмайдиганни, яхши ва ёмонни фарқлаши учун лозимдир. Ҳатто инсон сотиш ва сотиб олиш ишларида ҳам рибога, фирибга ва ёлғонга тушмаслиги учун тижорат илмини ҳам ўрганган бўлиши керак. Чунки киши хатони билмаса, доим хатога йўл қўяди.
Ат-Таҳрим сураси 6-оятда шундай дейилган:
یَـاأَیُّهَا ٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ قُوۤا۟ أَنفُسَكُمۡ وَأَهۡلِیكُمۡ نَارࣰا وَقُودُهَا ٱلنَّاسُ وَٱلۡحِجَارَةُ
Маъноси: Эй иймон келтирганлар ўзингизни ва аҳлингизни ёқилғиси инсон ва тошлардан бўлган жаҳаннамдан сақланг. Буюк тобеинлардан бўлган Ато ибну Аби Робааҳ бу оятга шундай тафсир берганлар: “Жаҳаннамдан сақланиш қандай намоз ўқиш, қандай рўза тутиш, қандай сотиш ва сотиб олиш, қандай уйланишни ва қандай талоқ беришни ўрганиш билан бўлади.”
Дин илмини ўрганиш эркак ва аёлга бирдек фарздир.
Диндаги зарурий илмни ўрганиш эркакларга ҳам, аёлларга ҳам фарздир. Пайғамбаримизнинг рафиқалари ва Абу Бакр ас-Сиддиқнинг қизи Оиша онамиз шундай деганлар:
“Аёлларнинг хайрлиси Ансорларнинг аёлларидир, чунки ҳаё уларни дин илмида фақиҳ бўлишларидан тўхтатмади.” (Бухорий ривояти)
Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:
طَلَبُ العِلْمِ فَرِيْضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ
Маъноси: Илм ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарздир. (Байҳақий ривояти) Яъни диндаги зарурий илмни ўрганиш мусулмон эркак ва аёлга фарздир. Аёллар зарурий илмни олишга нисбатан эътиборсиз бўлишлари динда қаттиқ тақиқланади. Зарурий илм аёлга фарз, вожиб амалларни қандай бажаришни, ҳаромлардан ўзини қандай сақлашни, ота она билан қандай муомалада бўлиб, эр билан қандай яшашни, фарзандларга қандай соғлом исломий тарбия беришни ўргатади. Аёл диндаги фарз бўлган миқдордаги илмни олиб, унга тўлиқ амал қилса, жаҳаннам азобидан ўзини қутқарган бўлади ва яқинларини ҳам қутилишига сабаб бўлади.
Тобеинлардан бўлган Имом Мужаҳид шундай деганлар:
لَا يَنَالُ العِلْمَ مُسْتَحٍ وَلَا مُسْتَكْبِرٌ
“Уятчанг ва кибрли киши илм эгаси бўлолмайди.” Илм ўрганмоқчи бўлган инсон уятмаслиги керак. Ёши қанча бўлмасин ва одамлар орасида мартабаси қандай бўлмасин кечиктирмай дарҳол зарурий илмни ўрганиши лозим.

Инсоннинг мақсади фақат бойлик йиғиш ва дунё севгисидан иборат бўлиб қолмаслиги керак. Аксинча аввало инсоннинг мақсади тақводор бўлиш ва ўлимдан кейинги ҳаётига тайёргарлик кўриш бўлиши керак, чунки ҳар бир нафс ўлим шарбатини тотувчидир.
Азиз диндошим шуни билингки бизлар бу дунёга ибодат учун келганмиз. Қуръони каримда шундай дейилган:
وَمَا خَلَقْتُ الجِنَّ وَالانْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونَ
Маъноси: Жин ва инсонларни Менга ибодат қилишларига буюриш учун яратдим. (Зарият 56-оят.) Бизлар қандай ҳолда бўлмайлик Аллоhга итоат ва ибодат қилишга буюрилганмиз.
Баъзан кун сўнгида “Алҳамдулиллаh яна бир кунни эсон омон яшаб ўтдик” деб хурсанд бўламиз. Аммо ажалимизга яна бир кун яқинлашганимиз хаёлимизга келмайди. Демак ҳар ўтган кун бизларни ўлимга яқинлаштирар экан, ўлимдан кейинги ҳаётимизга амал қилиб қолайлик. Чунки ўлимдан кейинги армон ва шодлик амалга боғлиқдир.
Дунё ҳаёти ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган:
وَمَا الَحيَاةُ الدُّنْيَا إِلَّا مَتَاعُ الغُرُور
Маъноси: Бу дунё ҳаёти ўткинчи матоҳдан ўзга нарса эмас. (Ҳадид 20-оят)
Аллоhим дунёни орзуларимизнинг асоси, илмимизнинг сабаби ва жаҳаннамнинг йўли қилиб қўйма. Эй Аллоhим Ўзингни раҳматинг ила Жаннатни бизларнинг истиқоматимиз айла.
Яхши амалга йўл кўрсатган амални қилган кабидир.

 

Please publish modules in offcanvas position.

web tasarim ucuz web sitesi siteni yukarı çıkar istanbul web tasarım İnternet Reklam hizmetleri uygun web tasarımcı uygun web sitesi seo hizmetleri