Барчага маълум Исломи ақидамизга кўра Аллоhу Азза ва Жалланинг ирода сифати барча нарсани қамрайди яъни инсонларнинг амалларини, сўзларини ва қолаверса ҳаммасини қамрайди. Бу оламда Унинг иродасидан, қудратидан, илмидан, яратишидан ташқари ҳолда ҳеч бир нарса рўй бермайди. Инсонларнинг хоҳиш истаклари ҳам Аллоhнинг иродаси остидадир.
Бу ҳақида Қуръони каримнинг ат-Таквир сурасида шундай дейилган:
وَمَا تَشَاؤُونَ إِلَّا أَن يَشَاء اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ
Маъноси: “Сизлар ирода эта олмайсиз, агар оламларнинг роббиси Аллоh ирода этмаган бўлса.”
Бу борлиқдаги барча нарсалар хоҳ яхшилик бўлсин, хоҳ ёмонлик Аллоhнинг иродаси билан. Тоат бўлсин, гуноҳ бўлсин, куфр бўлсин, иймон бўлсин ҳаммаси Аллоhнинг иродаси биландир.
Чунки бирор нарсанинг Аллоhдан ўзга яратгувчиси йўқдир. Аллоhнинг иродаси азалий ва абадийдир. Унинг иродаси ўзгармайди ва алмашмайди. Шунингдек, Аллоhу Азза ва Жалланинг илм, қудрат сифатлари каби бошқа сифатлари ҳам ўзгармайди.
Аллоhу Азза ва Жалланиниг Ўзи ва сифатлари ўзгаради дейишлик бу мустаҳийлдир яъни ақл қабул қилмайди, чунки ўзгаришлик яратилганларнинг сифатидир. Аллоhнинг сифатлари ўзгаради, ёки иродаси алмашади, ёки Аллоhга бирон бир нарса янгилик бўлади деб эътиқод қилиш мумкин эмас, шунингдек, Аллоh азалда бирон бир нарсага ирода этмаган бўлса, ана энди ирода этади ёки азалда бирор нарсани билмаган бўлса, ана энди билади деб эътиқод қилмаслик керак.
Аллоhнинг иродаси ҳеч қачон на бир дуо билан, на бир садақа билан, на бир банданинг назр қилишлиги билан ўзгармайди.
Имом Абу Довуд ривоят қилганларидек Пайғамбаримиз шундай дедилар:
ما شاء الله كان ومالم يشأ لم يكن
Маъноси: “Аллоh нимани ирода этди бўлди ва нимани ирода этмади бўлмади.”
Аллоhу Азза ва Жалла Ўзининг азалий илми билан (келажакда) нималар бўлишини билган бўлса, бас, Аллоh уларнинг бор бўлишини ирода этди ва улар бўлди. Шунингдек, Аллоhу Азза ва Жалла азалда нималар бўлмаслигини билан билган бўлса, бас, Аллоh уларнинг бўлмаслигини ирода қилган ва улар ҳеч қачон вужудга келмайди.
Бунга Пайғамбаримиз алайhиссаломнинг ҳадисларидан далил:
إنَّ النَّذرَ لا يَرُدُّ مِن قَدَرِ اللّٰه شَيئًا
Маъноси: “Шубҳасиз назр Аллоh битган тақдиридан ҳеч нарсани ўзгартирмайди." (Ибн Ҳиббан ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Яна бошқа бир ҳадисда шундай дейилади:
يَا مُحمدُ إنِّي إذا قَضَيتُ أمرًا فَإنَّهُ لا يُرَدُّ
Маъноси: “Эй Муҳаммад Аллоh (Мен) нимани тақдир қилган бўлсам у рад этилмайди.” (Имом Муслим ривояти.)
Ушбу ҳадислар Аллоҳу Азза ва Жалланинг иродаси, Аллоh битган тақдири бирон бир дуо қилувчининг дуоси билан ўзгармаслигига очиқдан очиқ далилдир. Аллоh азалда нимани тақдир қилган экан албатта у бўлади. Чунки Аллоh яратилганларга ўхшамайди. Махлуқот ва мавжудотларга ўзгариш деган нарса хосдир.
Агар Аллоh Азза ва Жалла бирон бир дуо қилгувчининг дуоси билан Ўзининг иродасини ўзгартирадиган бўлганида эди, Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг дуолари учун ўзгартирган бўлар эди. Аллоh ўзгаришдан покдир ва бу нарса Унга хос эмас.
Айтиб ўтилганлар Аҳлис-сунна валжамоа ақидасининг ўзгинасидир.
Барчага вожиб бўлган шаръий огоҳлантириш.
Айрим кишиларнинг "Лайлатул Қадр кечасида бизларнинг тақдиримиз ўзгариши мумкин" деган сўзларидан инсонларни огоҳ этишимиз лозим.
Одамларнинг кўзида илм аҳлидан бўлиб кўринган айрим кишиларнинг "Лайлатул Қадр кечасида тақдирлар ўзгаради" ёки "ўзгариши мумкин" деган сўзлари афсуски диндаги зарурий илмга эга бўлмаган инсонларнинг орасида турли йўллар билан жуда кенг тарқалмоқда. Азизлар бундай разолатдан одамларни огоҳлантириш ҳар биримизга фарздир.
Тақдир ўзгаради деган сўзнинг ботиллиги жуда каттадир. Аллоh тақдир қилган нарса ўзгармайди чунки Унинг ирода ва илм сифатлари ўзгармас. Қадр кечаси ёки Лайлатул Қадр деган сўзнинг маъноси: "Улуғ шарафга эга бўлган тун." Бундай маънони бир қанча тафсиршунос олимлар аз-Зуҳрийдан ривоят қилганлар. Айрим олимлар эса Лайлатул Қадр сўзининг маъноси "Аллоhнинг амри ила инсонларнинг келгуси йилгача бўлган тақдирлари фаришталарга билдирилишини англатади" дедилар.
Аллоh бу оламда нималар бўлишини албатта, тақдир қилган. Унинг иродаси асло ўзгармайди ва Унинг хоҳлаганига ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди. Асло "Аллоhга бир нарса номаълум эди, ана энди шуни билиб, шу билганига кўра Ўз иродасини ўзгартирди" дейилмас. Бундай нарса яъни бир нарсага ирода қилиб, сўнг уни амалга ошмаслигини билганидан сўнг, иродасини ўзгартириш фақат яралганларда содир бўлади. Яралганларни ўзгартирувчи Аллоhдир лекин Ўзи ўзгаришдан покдир. Аллоhнинг Ўзи ва сифатлари вақт билан боғлиқ эмас. Шунингдек, олти йўналиш ва макон билан ҳам боғлиқ эмас.
Аллоh ирода қилган нарса ўзгармаслигига Қуръондан далил:
{مَا يُبَدَّلُ الْقَوْلُ لَدَيَّ}
Маъноси: "Аллоh тақдир қилган нарса бўлди." Яъни нималар содир бўлган бўлса, Аллоh тақдир қилганлиги учун содир бўлди. Агар тақдир қилмаганида бўлмас эди. (ат-Тобарий Мужаҳиддан ривоят қиладилар.)
Қуйидаги оятларнинг маъноларига келсак:
{ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُم}
Маъноси: "Менга итоат қилинг, албатта, мукофотлантираман."
Бу оятдан бир кишининг дуоси билан Аллоh иродасини ўзгартирар экан деб тушунилмайди. Яна бир оятда шундай дейилган:
{أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ}
Маъноси: "Аллоh итоаткорнинг ибодатига ажр беради." Дуо ҳам ибодатдир. Банда дуосида сўраганига эришса, демак тақдирида айнан шундай битилган. Агар сўрагани берилмаса, энг озида дуоси ибодат бўлгани учун охиратда ажрга эга бўлади.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда ҳам шундай дейилган:
يَا مُحمدُ إنِّي إذا قَضَيتُ أمرًا فَإنَّهُ لا يُرَدُّ
Маъноси: “Эй Муҳаммад Аллоҳ (Мен) нимани тақдир қилган бўлсам у рад этилмайди.”
Бу маълумотни дўстларга ҳам улашиш эсингиздан чиқмасин. Чунки кўплар бундай ботил маълумот тарқатяпти ва инсонлар ишоняпти.
Аллоh ҳидоят қилувчидир ҳидоятдан бизларни адаштирмасин.