Ҳаварижий ақидасига кўра қотиллик, зино, ўғрилик каби катта гуноҳ қилган инсон кофирдир. Аммо Аҳлу-сунна вал-жамоа ақидасига кўра куфрдан¹ бошқа гуноҳлар инсонни кофир қилмайди. Шу қоидага кўра Пайғамбаримиз ﷺнинг қуйидаги ҳадисларини тўғри таржима қилиш лозим:
لَا يَزْنِي الزَّانِي حِينَ يَزنِي وَهُوَ مُؤْمِنٌ، وَلَا يَسْرِقُ السَّارِقُ حِين يَسرِقُ وهُوَ مؤمِنٌ، وَلَايَشْرَبُ الخَمرَ حِين يَشرَبُهَا وهُو مُؤمنٌ.
Маъноси: Зинокор зино қилаётган пайтда комил мўмин эмас, ўғри ўғирлаётган пайтда комил мўмин эмас ва майхўр май ичаётган пайтда комил мўмин эмас.
Айрим кишилар бу ҳадис-у шарифни юзаки таржима қилиб "Инсон зино, ўғрилик қилганида ёки ичкилик ичганида иймонидан ажралиб туради" деб айтадилар ва ҳатто баъзилар "ўлса, у дунёга иймонсиз кетади" дейишади. Бундай эътиқод Аҳлу-сунна ақидаси эмас. Чунки Пайғамбаримиз ﷺ саҳоба Абу Зар ал-Ғофаарийга шундай деганлар:
مَا مِنْ عَبْدٍ قَالَ لَا إِلـٰهَ إِلَّا اللّٰه ثُمَّ مَاتَ عَلَى ذَلِكَ إِلَّا دَخَلَ الجَنَّة
Маъноси: Қайси банда لا إله إلا الله Лаа Илааhа иллаллоh деса ва шу шаҳодати билан вафот этса, албатта Жаннатга киради.
Буни Абу Зар эшитиб шундай дедилар:
وَإِنْ زَنَى وَإِنْ سَرَقَ؟
"Зино ва ўғирлик қилса ҳамми?
Пайғамбаримиз ﷺ:
وَإِنْ زَنَى وَإِنْ سَرَقَ
Маъноси: "Зино ва ўғирлик қилса ҳам" - деб жавоб бердилар. Абу Зар бу саволни яна икки бор такрорладилар Пайғамбаримиз ﷺ ҳам ҳар сўралганларида бир хил жавоб бердилар. Яъни мўмин киши зино ёки ўғрилик қилса, иймондан айрилмайди ва тавба қилган бўлса, Жаннатга киради. Агар тавба қилмай вафот этган бўлса, қилмишига яраша дўзахда азобланиб, сўнг албатта Жаннатга киради. Ҳадисни Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Имом Аъзам раҳматуллоhи алайh бу масалага доир шундай сўзларни айтганлар:
لَا نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَإنْ كَانَ كَبِيرَةً إذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا
Маъноси: "Гуноҳ қилган мусулмонни то гуноҳини ҳалол демагунича кофир демаймиз, ҳатто катта гуноҳ қилган бўлса ҳам."
¹ Куфр сўзи ширк сўзини ҳам ўз ичига олади.