Пайғамбаримиз ﷺ фил йилида Робиюл аввал ойининг 12-санасида Макка шаҳрининг Суқ ул-лайл деб номланган жойида таваллуд топганлар. Фил йили деб номланишининг сабаби Аброҳа исмли ўзи асли ҳабашистонлик бўлган ва Яман заминларини бошқарувчи қирол Каъбани йўқ қилиш учун лашкарини юборади. Аллоh Каъбани ҳимоя қилади ва абобил қушларини юборади. Ҳар бир қуш тумшуғида бир дона ва икки панжасида биттадан жами уч донадан тош келтирадилар. Қушлар тошларни улоқтирганда кофирларнинг бошлари тешилиб, ҳалок бўлганлар.
Рсулуллоh ﷺга 40 ёшларида ваҳий нозил бўлган. Пайғамбарларнинг ҳеч бири пайғамбарликдан олдин ва кейин Аллоhдан ўзгага ибодат қилмаганлар. Расулуллоh ﷺ ҳам жоҳилият даврида будга ёки санамга ибодат қилмаганлар. Улар Ҳиро деб номланган ғорга борар ва Аллоh яратган мавжудотлар ҳақида фикр юритиб ҳайратланар эдилар.
Бир куни Расулуллоh ﷺ ёнларига амин ул ваҳий бўлмиш Жаброил عليه السلام Ҳиро ғорига келади. Ал-Алақ сурасининг биринчи 5 ояти нозил бўлади. Шундан сўнг, Расулуллоh ﷺ уйга қайтиб Ходижа онамизга бўлган воқеани айтиб берадилар. Ходижа онамиз амакилари Варақо ибну Навфалнинг ёнига боришни таклиф қиладилар. Вароқо ибн Навфал мусулмон эмас аммо олдинги Расулларга нозил қилинган китоблар ҳақида хабардор бўлган замонасининг машҳур кишиларидан бири эди.
Улар Расулуллоh ﷺга шундай деб айтадилар: “Сиз олган ваҳий Мусо عليه السلام га нозил бўлган ваҳийга ўхшайди. Келажакда буюк Пайғамбар бўласиз. Бундан сўнг Макка аҳли сизни қувсалар, мен сиз тарафда бўламан. Чунки сиз келтирган хабарни қавмингиз қабул қилмайди.”
Шундан сўнг Расулуллоh ﷺ инсонларни Исломга даъват қила бошлайдилар.
Аёллардан биринчи Исломни қабул қилган киши бу - Ходижа онамиз, эркаклардан эса Абу Бакр ас-сиддиқ ва балоғатга етмаган болалардан Али ибн абу Толиб бўлганлар.
Аш-Шуро сурасинг 214-ояти нозил бўлади:
وَأَنذِرۡ عَشِیرَتَكَ ٱلۡأَقۡرَبِینَ
Маъноси: “Ислом даъватини яқинларингизга етказинг”
Ушбу оятдан сўнг Расулуллоh ﷺ ас-Софа тоғига борадилар ва Макка аҳлини жамлаб уларга мурожаат қиладилар:” Эй Қурайш аҳли – агар мен шу тоғ ортидан душман лашкари билан сизни ўлдириш учун яқинлашаяпти десам, ишонасизми?”
Улар: “Ҳа биз сенга ишонамиз чунки сен ас-содиқ ва аминсан!” яъни ҳақгўйсан деб жавоб бердилар.
Шундан сўнг Расулуллоh ﷺ: “Гувоҳлик бераман Аллоhдан ўзга илоҳ йўқ ва мен Унинг Расулиман” деб хабар қиладилар!
Расулуллоh ﷺнинг даъватларига биринчи бўлиб уларнинг амакилари Абу Лаҳаб қарши чиқади ва У муборак зотни ҳақоратлайди.
Шундан сўнг Қуръондан тўлиқ бир сура Абу Лаҳабни лаънатланганлиги ҳақида нозил бўлади.
Макка мушриклари Расулуллоh ﷺнинг бошқа амакилари бўлмиш Абу Толибнинг ёнига бориб шундай дейдилар: “У (Расулуллоh) нима истайди? Агар бойлик истаса хар биримиз мулкимиздан ярмини ажратиб унга берамиз, агар ҳукмронлик истаса уни бошчимиз этиб тайинлаймиз.” Шунда Абу Толиб Расулуллоh ﷺдан сўрашини айтади.
Расулуллоh ﷺ уларга жавобан шундай дейдилар:
والله يا عم لو وضعوا الشمس في يميني والقمر في شمالي ما تركت هذا الأمر حتى يظهر الله أو أهلك دونه.
Маъноси: “Эй амаки, агар улар чап қўлимга ойни, ўнг қўлимга қуёшни қўйсалар ҳам даъват қилишдан қайтмайман.”
Бир куни Расулуллоh ﷺ Каъба яқинида бўлганларида Абу Жаҳл Расулуллоh ﷺни ҳақорат қила бошлади. Шу пайтда Расулуллоh ﷺнинг амакилари Ҳамза овдан қайтаётган эдилар, бир аёл йўлда уларни тўхтатиб Абу Жаҳл Расулуллоh ﷺни ҳақорат қилаётганини хабар қилади.
Ҳамза буни эшитиб қаттиқ жаҳли чиқади ва Макка мушриклари йиғилувчи Дар ун-Надва деб номланган жойга етиб келиб Абу Жаҳлни урадилар ва унга қарата: “Нега сен Расулуллоh ﷺни ҳақорат қиляпсан, чунки У сенинг динингга амал қилмагани учунми? Гувоҳлик бераман Аллоhдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расулидир.” – деб Исломни қабул қиладилар.
Ҳамза Умар ал-Хаттобдан 3 кун олдин Исломни қабул қилганлар. Бу икки инсон иймон келтирганларидан сўнг Исломни қўллаб қувватлайдилар ва даъватга катта куч қўшилади.
Шундан сўнг мушриклар Дар ун-Надвада Расулуллоh ﷺни қандай қатл қилишни маслаҳат қилиш учун йиғиладилар. Бу йиғинга иблис ҳам наждлик бадавий кўринишида иштирок этади.
Абу Жаҳл шундай қабиҳ таклифни билдиради: “Агар ҳар бир қабиладан кучли эркакларни йиғиб Расулуллоh ﷺга ҳаммалари бир пайтда қилич билан урсалар бани Ҳашим қабиласи ҳар бир қабиладан қасос ола олмайди.”
Мушрикларнинг ушбу режалари ҳақида Жаброил Расулуллоh ﷺга хабар қиладилар.
Расулуллоh ﷺ Али абу Толибга ўзларининг жойларига ётиб яшил рангдаги ёпинчиқларини ёпинишларини тайинлардилар. Расулуллоh ﷺни ўлдириш учун пойлаб турган кофирлар олдидан ўтаётганларида Расулуллоh ﷺ ушбу оятни ўқиб мушриклар бошига қўлларидаги қумни сепадилар:
فَأَغۡشَیۡنَـٰهُمۡ فَهُمۡ لَا یُبۡصِرُون
Маъноси: Аллоhнинг Иродаси билан мушриклар Расулуллоh ﷺни чиқиб кетганларини кўрмайдилар.
Расулуллоh ﷺ Абу Бакрнинг уйларига ташриф буюрадилар бу вақтда саҳоба ухлаётган эдилар. Ойша онамиз оталари Абу Бакрга Расулуллоh ﷺнинг келганлиги ҳақида хабар берадилар.
Расулуллоh ﷺ Абу Бакрга Аллоh ҳижратни улар ҳамроҳлигида қилишни амр қилганлиги ҳақида хабар қилганида саҳоба хурсандлигидан йиғлаб юборадилар.
Расулуллоh ﷺ ва уларга энг яқин бўлган саҳоба Абу Бакр ас-сиддиқ билан биргаликда Совр номли кичик ғорга етиб келадилар ва у ерда 3 кун давомида қоладилар.
Абу Бакрнинг қизлари Асма онамиз бу кунлар давомида узоқлиги икки ярим соат бориш ва яна шунча бўлган масофа қайтиш узоқлигидаги бу ғорга егулик ва сув келтириб турадилар.
Ғорда тешиклар мавжуд бўлиб уларни ғорга биринчи кирган Абу Бакр кийимидан бўлаклар олиб беркитадилар. Яна бир илон тешиги қолганида Абу Бакр уни оёқлари билан беркитадилар. Ривоят қилинишича илон чақиб олганда Абу Бакрнинг кўзларидан ёш оқа бошлайди. Шундай бўлсада оёқларини тешикдан олмайдилар.
Абу Бакр Макка мушриклари уларни бу кичик ғорда кўриб қолишларидан хавотир оладилар. Шунда Расулуллоh ﷺ уларга ушбу оятни айтадилар:
لَا تَحْزَنْ إِنَّ اللَّهَ مَعَنَا
Маъноси: "Маҳзун бўлма Аллоh бизни муҳофаза қилади"
Аллоhу Таъаалаа Расулуллоh ﷺга мўъжиза ато этади ва Совр ғори оғзига ўргимчак ин қуради шунингдек, ёввойи кабутар уя қуриб тухум қўяди.
Араблар у даврда одамларни изларига қараб топа олар эдилар. Макка мушриклари Расулуллоh ﷺни қидириб Совр ғорига қадар етиб келадилар. Ғор яқинига келиб қараганларида ўргимчак ини ва қуш уясини кўргач у ерга бирон инсон кирган бўлиши мумкин эмас деб топа олмай қайтиб кетадилар.
Шундан сўнг Расулуллоh ﷺва Абу Бакр رضي الله عنه Мадина шаҳрига мушрикларни адаштириш мақсадида узоқроқ йўлдан сафар қиладилар.
Макка мушриклари Расулуллоh ﷺни топган кишига жуда катта мукофот эълон қилган эдилар. Буни эшитган Суроқ ибну Малик отида саҳро томонга Расулуллоh ﷺни изларидан қидириб кетади.
У из топишда жуда ҳам маҳоратли эди.
Суроқ ибну Малик Расулуллоh ﷺ ва Абу Бакрرضي الله عنهни топади, уларга яқинлашаётганда Расулуллоh ﷺ уларнинг ортларидан келмасликни айтадилар, шундай бўлсада Суроқ йўлида давом этади. Шунда Расулуллоh ﷺ Аллоhга дуо қиладилар ва Аллоh уларга мўъжиза ато этиб Суроқ ибну Малик отининг олди икки туёқларини қум ютиб юборади ва ҳаракатлана олмайди. Суроқ ибну Малик Расулуллоh ﷺдан Аллоhга дуо қилиб уни қутқаришлигини сўрайди ва мушрикларга уларни кўрганлигини айтмасликни ваъда қилади. Шунда Расулуллоh ﷺ дуо қиладилар. Аллоhни изни билан Суроқ қутулиб ваъда қилганидек мушрикларга Расулуллоh ﷺни манзилини хабар қилмайди.
Суроқ ибну Малик ўз кўзлари билан Расулуллоh ﷺни мўъжизаларини кўрган бўлсада ўша пайтда Исломни қабул қилмайди балки, бу воқеадан 8 йил ўтиб иймон келтиради.
Расулуллоh ﷺ ва уларнинг ҳамроҳи Мадина шаҳрига Рабиулаввал ойининг душанба куни пешин вақтида етиб келадилар. Мадина аҳли ал-ансорлар (қўллаб қувватловчилар) уларни кун ўртаси жазирама бўлишига қарамай кутиб турар эдилар. Ҳар бир ансор Расулуллоh ﷺ унинг уйида қолишини орзу қилар эди. Шунда Расулуллоh ﷺ туяларидан тушиб, уни қўйиб юборадилар. Туялари қаерда тўхтаса ўша жойда қолишларини хабар қиладилар.
Расулуллоh ﷺнинг туялари Абу Айюб ал-ансорийнинг уйи яқинида тўхтайди. Улар Расулуллоh ﷺга она тарафдан қариндош эдилар. Расулуллоh ﷺ шу жойга турар жойларини ва масжидларини қурдирадилар.
Ансор аҳли уларни ҳимоя қиладилар даъватларини қўллаб қувватлайдилар, мол мулкларини ҳатто жонларини бу ҳақ дин Исломни ёйиш йўлида фидо қиладилар.
Расулуллоh ﷺ Макка шаҳрида 13 йил давомида инсонларни ҳаққа, барча пайғамбарларнинг, фаришталарнинг дини бўлмиш Исломга даъват қиладилар. Шундан сўнг Аллоh ҳижрат қилишни амр қилгани учун Аллоhга итоат қилиб, амрини бажариш мақсадида ҳижрат қиладилар асло мушриклардан қочиш мақсадида эмас.