Аллоh розилиги учун
Ҳадисда Пайғамбаримизﷺ шундай дедилар:
“إِنَّ البَلَايا أَسْرَعُ إِلَى مَنْ يُحِبُّنِي مِنَ السَّيْلِ إِلَى مُنْتَهَاه”
Маъноси: "Ким мени севса унга балолар жуда ҳам кўп келади."
Яъни, ким Расулуллоhﷺни комил равишда севса, унинг мартабасига кўра балолар ҳам шиддатли бўлади.
Аллоh рози бўлган бандасининг динини ҳимоя қилади, дунёсида эса жуда ҳам кўп балоларга гирифтор қилади.
Банданинг дунёсида балога гирифтор бўлишига мисол: турли йўллар билан мол мулкидан маҳрум бўлиш, оғир касалликларга дучор бўлиш ёки доимо камбағал бўлиб яшаш ва ҳоказолар. Бундай мусибатлар банданинг даражасини кўтаради. Муҳими инсон динида мустаҳкам бўлишидир. Балким у инсон йўқотганини бу дунёда зиёдаси билан олар, агар олмаса охиратда албатта ажрини олади.
Ибрат тариқасида Аюб Алайhиссаломнинг бошларига келган мусибатларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Аюб Алайhиссалом бутун мол мулкларидан, барча фарзандларидан айрилдилар ва тўшакка михланиб 18 йил дард чекканлар шунда ҳам сабр қилганлар ва Аллоhга эътироз билдирмаганлар. (Танбеҳ: Аюб Алайhиссаломнинг таналаридан қурт чиқмаган, сасимаганлар ва терилари ажралиб тушмаган. У зотни “танасига қурт тушган” дейиш, “қуртни олиб танасига қўйиб, ол сени ризқинг деган” дейиш, “сасиган, териси ажралиб тушган” дейиш динга қаршидир, чунки бундай жирканч нарсалардан барча Пайғамбарлар пок бўлганлар. Бунга Қуръон, ҳадис ва Ислом олимларининг ижмосидан етарлича далил бор.)
Яна бошқа мисол кофирлар Закария Алайhиссаломни аррада арралаганлар, Яҳё Алайhиссаломни пичоқда сўйиб бошларини таналаридан жудо қилганлар. Юсуф Алайhиссалом 7 йил давомида қамоқда бўлганлар. Барчалари бошларига келган мусибатларга етарлича сабр қилганлар.
Пайғамбарлар эса жуда ҳам мукаррам зотдирлар. Аллоh уларни улуғ қилган шундай бўлсада, бошларига кўп мусибатлар келади бу эса уларнинг мартабасини яна ҳам кўтаради.
Соҳиҳ Ҳадисда Пайғамбаримиз ﷺ дедилар :
أَشَدُّ النَّاسِ بَلَاء ًالأَنْبِيَاءُ ثُمَّ الأَمْثَلُ فَالأَمْثَلُ يُبْتَلَى الرَّجُلُ عَلَى حَسَبِ دِينِهِ
Маъноси: “Инсонларнинг энг балода шиддатлиси бу Пайғамбарлар, сўнг Пайғамбарларга ўхшаганлар, сўнг Пайғамбарларга ўхшаганларга ўхшаганлар." Кишининг диндаги мартабасига кўра бошига балолар келади.”
Бошқа бир ҳадисда:
إِنَّ عِبَادَ اللهِ يُشَدَّدُ عَلَيهِمْ
Маъноси: “Аллоhнинг солиҳ бандаларига шиддатли балолар келади.”
Яна бир ҳадисда:
لَا يَزَالُ البَلَاء ُبِالمُؤْمِنِ فِى نَفْسِهِ وَأَهْلِهِ وَمَالِهِ حَتَّى يَلْقَى اللهُ لَيْسَ عَلَيهِ خَطِيئَةٌ
Маъноси: “Қайси мўминнинг жони узилмагунича ўзида, аҳлида, молида бало аримас экан. Ундай банданинг жони узилганда зиммасида ҳеч бир хато бўлмайди.” Яъни бу инсон шундай мўминки доим ўзидан, молидан, аҳлидан мусибат аримайди. Шундай бўлсада, у бошига келганларга то ўлимгача сабр қилади. Ўлимдан сўнг, бу одамда гуноҳ бўлмайди чунки, мусибатларга сабр қилишлик айрим гуноҳларига кафорат бўлади. Аллоҳ унинг гуноҳларини мағфират қилади ёки, даражасини юксалтиради.
Пайғамбаримизﷺ ҳадисда айтдилар:
ما يصيب المسلم من نصب ولا وصب ولا همّ ولا حزن حتى الشوكة يشاكها إلا كفّر الله بها من خطاياه
Маъноси: “Мусулмон банда уқубат, касаллик, ташвиш, хафагарчиликлардан азият чекса, ҳаттоки тикан кирса, Аллоh Азза ва Жал бу мусибатларга яраша гуноҳларини кечиради.” Банда ўзига келган балоларга сабр қилса, бу унинг гуноҳларига кафорат бўлади.
Қуръони Каримда Аллоh шундай деди:
ولنبلونكم بشئ من الخوف والجوع ونقص من الأموال والأنفس والثمرات وبشّر الصّابرين الذين إذا أصابتهم مصيبة قالوا إنا لله وإنا إليه راجعون أولئك عليهم صلوات من ربهم ورحمة وأولئك هم المهتدون
Маъноси: “Аллоh бандаларига қўрқув, очлик, мол-у дунёларида камчилик ва яқинларини йўқотишлик билан синов Беради.” (албатта, Аллоh инсонлар бу синовларга қандай сабр қилишларини олдиндан Билувчидир. Инсонлар эса бу синовларга қандай сабр қилишни билмайдилар.) Оятни давомида: “Эй Муҳаммад Алайhиссалом бошларига мусибат келганда: (“Иннаа Лиллаhи ва Иннаа Илайhи Рожиъуун”) биз Аллоhнинг мулкимиз ва Аллоhнинг мулкида қоламиз деб сабр қилувчиларга ҳушхабар беринг! Уларнинг даражасини Аллоh кўтаради ва Раҳматига олади ва улар ҳидоят қилинганлардир.”
Аллоh Пайғамбарга бўлган муҳаббатимизни янада зиёда қилсин, бошларимизга келган мусибатларда сабр берсин, гуноҳларимизни мағфират қилиб даражамизни янада юксалтирсин!